eye Кўзи ожизлар учун
Хориждаги сайловчиларга
VII боб. Сайловчиларнинг турган жойида муддатидан олдин овоз бериш
14.07.2021
485
Марказий сайлов комиссясининг 2019 йил 22 октябрдаги 966-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида сайлов участкаларини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низомидан кўчирма
  1. Муддатидан олдин овоз бериш сайловга ўн кун қолганида бошланади ва сайловга уч кун қолганида тугалланади.
  2. Муддатидан олдин овоз беришни ўтказиш вақти МСК томонидан белгиланади ва сайловчиларнинг, кузатувчиларнинг эътиборига оммавий ахборот воситалари ёки бошқа манбалар орқали етказилади.
  3. Хориждаги участка сайлов комиссиялари сайловчилар сони кўплигини инобатга олган ҳолда ва сайлов куни овоз бериш биносида навбатларнинг олдини олиш мақсадида фуқароларга муддатидан олдин овоз беришни таклиф қилиши мумкин.
  4. Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига ва чет давлатларнинг ваколатли давлат ҳокимияти органлари билан келишувларга мувофиқ чет давлатларнинг аҳоли (сайловчилар) зич жойлашган ҳудудларида муддатидан олдин овоз бериш сайловчиларнинг турган жойида ўтказилиши мумкин.

Хориждаги участка сайлов комиссияси сайловчиларнинг турган жойида овоз бериш вақти ҳамда жойи тўғрисида қарор қабул қилади
ва бу ҳақда сайловчиларни, кузатувчиларни оммавий ахборот воситалари ёки бошқа манбалар орқали хабардор этади.

  1. Сайловчиларнинг турган жойида муддатидан олдин овоз бериш кўчма сайлов қутилари ва кабиналаридан фойдаланилган ҳолда ўтказилади.

Хориждаги участка сайлов комиссияси кўчма сайлов қутилари ва кабиналарининг зарурий сони ҳақида ТИВга сайловга камида ўн беш кун қолгунига қадар маълум қилади.

ТИВ зарур бўлган кўчма сайлов қутилари ва кабиналарининг сони ҳақидаги умумлаштирилган маълумотни МСКга тақдим этади.

МСК ТИВ ёрдамида хориждаги участка сайлов комиссияларини муддатидан олдин овоз бериш бошлангунига қадар зарур кўчма сайлов кутилари ва кабиналари билан таъминлайди.

  1. Сайловчиларнинг турган жойида муддатидан олдин овоз бериш хориждаги участка сайлов комиссиясининг камида икки нафар аъзоси ҳозирлигида ўтказилади.

Бунда, олдиндан пломбаланган кўчма сайлов қутиси, кўчма сайлов кабинаси, махсус қоплар, бир маротаба ишлатиладиган пластмасса пломбалар, белгиланган шаклдаги сайлов бюллетенлари, сайловчилар рўйхати кўчирмаси ёки сайловчилар рўйхати, шунингдек сайловчи томонидан сайлов бюллетени тўлдирилиши учун ручка бўлиши лозим.

  1. Сайловчи хориждаги участка сайлов комиссиясининг аъзосига ўз шахсини тасдиқловчи ҳужжатни кўрсатади (паспорт – нобиометрик, биометрик, хорижга чиқиш ва дипломатик, идентификация ID-картаси; ҳарбий гувоҳнома; Ўзбекистон Республикасига қайтиш гувоҳномаси) ҳамда сайловчилар рўйхатига ёки сайловчилар рўйхати кўчирмасига имзо қўяди. Шундан кейин унга сайлов бюллетени берилади.

Сайлов бюллетени сайловчи томонидан яширин овоз бериш кабинаси (кўчма сайлов кабинаси) ёки хонасида тўлдирилади. Сайлов бюллетенини тўлдириш вақтида сайловчидан бошқа шахсларнинг ҳозир бўлиши тақиқланади.

Сайловчи ўзи ёқлаб овоз бераётган номзоднинг фамилияси рўпарасида, ўнг томонда жойлашган бўш квадратга «+» ёки «√» ёхуд «х» белгисини қўяди.

Сайловчи тўлдирилган сайлов бюллетенини кўчма сайлов қутисига ташлайди.

  1. Тегишли ҳудудда сайловчиларнинг турган жойида овоз бериш тугаганидан кейин хориждаги участка сайлов комиссияси аъзолари кўчма сайлов қутисини очади, унинг ичидаги сайлов бюллетенларини санамасдан махсус қопга жойлайди, қопни бир маротаба ишлатиладиган пластмасса пломба билан пломбалайди ва бу ҳақда мазкур Низомнинг 3-иловасига мувофиқ шаклдаги далолатномани расмийлаштиради.

Далолатномада сайловчиларнинг турган жойида овоз бериш ўтказилган кун ва жой, сайлов бюллетенини олган сайловчилар сони, ҳориждаги участка сайлов комиссияси аъзолари ва ва овоз бериш жараёнида иштирок этувчи бошқа шахсларнинг фамилиялари кўрсатилади.

Мазкур далолатномага сайловчилар рўйхати ёки сайловчилар рўйхати кўчирмаси илова қилинади.

  1. Сайлов бюллетенлари солинган қоп пломбаланган ҳолда далолатнома билан бирга хориждаги сайлов участкасига олиб борилади ва сайлов куни овозларни санаб чиқиш жараёни бошлангунига қадар сақланади.

Сайлов бюллетенлари солинган қоп(лар) ва далолатнома(лар)ни сақлаш хориждаги участка сайлов комиссияси котиби томонидан таъминланади.

Диққат! Агар сиз матнда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб, маъмуриятни хабардор қилиш учун Ctrl+Enter тугмаларини босинг
Сайт ишлаб чиқилган:
Хатолик ҳақида маъмуриятга хабар бериш